Бишкекка сафар Анчадан бери эшик хатлаб ташқарига чиқмаган эдим.Энг охириги марта 2009 йилнинг август ойида Олматага борган, ўшанда бери гарчанд ўнлаб давлатларга таклиф қилишган бўлсада “уй қамоғи” туфайли ета олмаган эдим. Ўшанда “лочин” кўз қўриқчилар у ерга кетаётган пайтимда аэропортда роса асабга тегишган, савол жавоб қилишган, ертўласига олиб тушиб бир соат ушлаб туришган эди.Ҳали ҳали эсимда.Аҳмоқлардан бири ёнимдаги сумкамни титкилаб, Бен Ладен билан алоқангиз бор экан, қайда учрашгансиз деганида, мен уни мазах қилиб “Чўнтак” чойхонасида бирга ош еганмиз деган эдим. Ундан олдин ҳам бўлган чиқишларимда ҳам бундан фарқли бўлмасди. 2009 йил февраль ойида ойида Истанбулдан қайтишда ҳам роса ифлосгарчилик қилишиб, қилдан қийиқ ахтаришиб аэропорт ертўласида бир соатларча ушлаб туришиб қўйиб юборишган эди. Мени шу пайтгача осонликча ҳеч самолётга чиқаришмаган ва туширишмаган эди. Етмаган жойига айниқса тунги рейсларда Тошкент аэропортига самолёт қўнгадан сўнг, ўтиш йўлакчаларида сунъий тирбандлик вужудга келтириларди.Гарчанд ўтиш йўлакчалари кўп бўлсада бир ёки иккитаси ишлаб, келаётган йўловчилар узундан узоқ турнақатор бўлиб унга навбатга туришарди. Қовоқлари булутдек қорайган, кўзларидан уйқу қочмаган хизматчилар, нега мени безовта қилдинг, уйқудан қолдирдинг дегандек совуқ қарши олардилар.Чегара, божхона кўригидан ўтиб бўлгандан сўнг тўқнаш келадиган охириги миршаблар қобиғи, ака четдан менга нима совға олиб келаяпсиз дея, билса ҳазил, билмаса чин қабилида иш тутишарди. Бир сафар, шундай безбетга юр бошлиғингни олдида бераман ўша совғани деб ҳам жавоб қайтарган эдим. Кўз тегмасинку бу сафар эса тан олиш керакки муҳит бошқача эди.Ортиқча “кавла кавлани”, асаббузарликни ўзи бўлмади. Дилни хира қиладиган совуқ башараларни кўрганим йўқ.Ҳеч ким мени Бен Ладен билан улфат ҳам қилгани йўқ.Аэропортдаги барча хизматлардан бемалол ўтиб самолётга ўтириб Бишкекка йўл олдим. Тошкентдан кўтарилган самолёт, қорли тоғ тизмаларини ортда қолдириб эллик уч минут деганда Қирғизистоннинг Манас аэропортига қўнди.Самолётдан кузатган нарсам қирғиз ерларида сув ҳавзаларининг кўплиги бўлди. Тоғларнинг тепасида ҳам қорлар анчагина. Аммо глобал иқлим ўзгаришлари бу ерда ҳам ўз кучини кўрсатган, дарахтлар, яшил ўсимликлар қуришган, буришган эди. Манас аэропорти Бишкек шаҳридан ташқарида бўлиб, тахминан ярим соатлар йўлда юрар экансиз, ўтиб бораётган ўрмонзор, йўл четидаги дарахтлар глобал иқлим исиши асоратларини ўзида мужассам қилган эди. Бу шаҳар ҳақида эшитган эдиму бироқ келмаган эдим. Илгари қишлоқдошларимиз Фрунзе деб аталмиш бу шаҳарга узум олиб келиб сотиб кетишарди. Шу сабабдан бу борада оз-моз тушунчам бор эди.