Бундан 15-20 йил олдин Заковат кўрсатуви роса машҳур бўлган, думалоқ стол атрофида ўтириш эса кўплаб ёшларнинг орзуси эди. Ҳафтанинг пайшанба ва шанба кунларида Миллий Университет маданият саройи олдида кўрсатувда иштирок этмоқчи бўлганлар тўпланар, бошловчи Абдурасул Абдуллаевнинг оғзаки имтиҳонидан ўтганлар тайёргарлик машғулотларига қўшиларди. Биз уюшиб телекўрсатув ва телеўйинларда қатнашган Техника университетининг бир гуруҳ талабалари ҳам Заковатда қатнашишни хоҳлардик. Қўшни АСУ факултетида ўқийдиган ўртоғим Шерзод бир куни “сизни акамга айтдим, жамоа тўплаяпти”, деди. Унинг акаси микробиологияда аспирант бўлган Музаффар Сатторов Заковатнинг олди ўйинчиларидан эди. Шундай қилиб сочини қойилмақом қилиб геллаб олган Музаффар ака билан учрашдик, у белгиланган куни Маданият саройига келишимни, жамоага олишини айтди. Айтилган куни, адашмасам, Ҳамид Олимжон тарафда ертўлада ўтказилаётган тайёргарлик машғулотларига бордим. Телевизорда кўриб юрган билимдонлар қаршисида ҳаяжон бор эди. Музаффар ака ўзидан ҳам соч ялтиратишни ўтказиб юборган Фурқат ака Қурбоновга “сизлар билан ўйнаб турсин”, деб мени таништирди. Биринчи машғулотдан тарқалишда Фурқат ака сурхонча шевада русча акцент билан “сан Шукур, каардзинатларингни ташлаб кет, эфирга чиқасан”, деди. Шундай қилиб 2-3 ойлик тайёргарликдан кейин Фурқат Қурбонов сардорлигида жамоа экранга чиқиб йиллик мусобақада қатнашди. Жамоада тажрибали ўйинчилардан Фурқат Қурбонов, Нодирбек Қосимов, Рустам Жабборов, Бобур Имомов, янгилардан эса Зуҳриддин Абдураҳимов ва мен эдик. Жамоамиз 2006 йилнинг энг яхши жамоаси деб топилиб, Мустақиллик куни финални ўйнадик. Кейинроқ янги йил сонида Борис Бурда кўрсатув меҳмони бўлди, у билимдонгина эмас, ташкилотчи, дилкаш ва қизиқчи одам экан. Заковатнинг молиявий ҳолати ҳар доим ҳам зўр эмасди. Ўша йиллари Маданият саройидаги оддий хоналардан бирида машғулот ўтилар, қўшни хонада эса кўрсатув тасвирга олинарди. Хона таъмири чатоқ бўлганлиги учун деворга қора мато тутилган, ўртага йўналтирилган кучли ёруғлик уни сездирмасди. Ҳар ойда бир кун – якшанба куни бирйўла иккита ўйин суратга олинар ва 2 ҳафта оралатиб эфирга узатиларди. Бу хона ёзда ўта дим бўлиб кетиши, кондиционерлар совутиб улгурмаса-да, талабга кўра атрофда қора костюм-шимда турганларимиз эсимда. Маданият саройидан олдин съемка телевидениеда ва Бунёдкор ёшлар клубида ҳам ўтказилган. Биласизми, бу фақат топқирлик мусобақаси эмас. Аслида-ку, база бўлмаса жавобни топиш иложи йўқ, айрим базавий билим талаб қилмайдиган мантиқий савол-топишмоқларни истисно қилсак. Шифокор беморга ташхис қўйиши асносида минг бир касалликни хаёлидан ўтказади; инженер мураккаб иншоотни қурар экан юзлаб ҳисоб-китоб қилиб, энг мақбулини танлайди; ҳуқуқшунос ҳукм чиқариш учун воқеликнинг барча сабаб-оқибатини миясида кўриб чиқади. Борингки, оддий бўёқчи керакли рангни чиқариш учун асосий рангларни ўнлаб марта аралаштириб тажриба қилади, ошпаз хўрандага ёқадиган таъм чиқариш учун туз ва зираворларни ҳар хил нисбатда қўшиб кўради. Ҳаётимиз ўзи жумбоқли масалалардан иборат ва биз бу жумбоқларни бир-бир ечиб қадам ташлаймиз. Интеллектуал ўйинларда билимлар базаси билан мантиқий фикрлаш умумлаштирилиб, унга тезлик шарти ҳам қўйилади, шу тариқа ўйиннинг жалб қилиш хусусияти ошади. Заковатчилар орасида аксарияти ўз соҳасининг кучли мутахассислари эканлигига шубҳа йўқ. 👇👇👇