Аудиторияси кенг одамларни инфлуенсер дейишади. Ҳар хил инфлуенсерлар бор: бири кў-ўп нарсани билади, лекин айланиб ўтади, бошқаси билгани заҳотиёқ улашишга чопади. Бу тоифа "халқ журналистлари" пайдо бўлганига кўп бўлмади. Балки кўп бўлгандир, аммо ижтимоий тармоқ пайдо бўлиши билан хабар совимасданоқ узатиш ўн карра тезлашиб кетди. Ва бу жараёнда баъзи бир хатоликлар, шошилишлар бўлиши мумкин.
Олимжон Ҳайдаров ва Комил Аҳмедовлар иши ҳозир омманинг диққат марказида турибди. Қўқондаги черковнинг давлат рўйхатидан ўтганлигига шубҳа билдириб шахсий каналда ёзилган хабар уларга айблов эълон қилинишига олиб келганидан кўпчилик хабар топди. Маълум бўлишича, черков қонуний, блогерларимиз тарқатган пост эса экспертлар хулосасига кўра, давлат идоралари вакиллари фаолиятига нотўғри баҳо бериш ҳолати ҳамда ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларда христиан динига эътиқод қилувчи фуқароларга нисбатан диний адоватни тарғиб қилувчи хусусиятлар мавжуд, деб
топилган. Айтганча, кейинроқ бу постлар ўчирилган. Қарийб бир ойдан кейин улар 15 суткага жазога тортилган.
Бу борада нима ҳам дея олардим. Ҳар қалай эксперт эмасман. Лекин улар текширмасдан шошилиб тарқатган материал қанчалик салбий оқибат олиб келди? Кимдир "ноқонуний" черковга бориб шикаст етказдими, бузвордими? Менимча, йўқ.
Аслида-ку, айримлар муросасиз деб сифатлаётган диндорларимиз ҳозир анча эҳтиёткор бўлиб қолган, манба сўрайдигани,
lex.uz га кириб қонунларни кўрадигани, давлат рўйхатидан ўтган муассасаларни интернетдан текширадигани оз эмас. Бу черков ҳақида интернетни титкилаб, Олимжон Ҳайдаровга давлат сайтидан ҳақиқий маълумотни етказган ҳам шу диндорларимизнинг ўзларидир.
Майли, улар черковни шошилиб ёзибди, лекин дарҳол қамашга ҳам шошилмасдан юқоридаги постда
айтилганидек, раддия, узр-маъзур, борингки, жарима каби бошқа чоралар қўллаш иложи йўқмиди? Қанча одам узр билан қутулиб кетаётган пайтда "битта узр-да" деган ибора ҳам пайдо бўлиб улгурди-ку.
Келинг, шу жойда зўр журналистлардан бири Карим Баҳриевнинг журналистлар ҳақидаги фикрларини келтирсам:
"...Журналист фикр билдириши керак. Бунинг бир қисми хато бўлиши ҳам мумкин. Авлиё эмас журналист. Хато қилганида уни қамоқ билан қўрқитмаслик керак. Хатосини кўрсатиш керак. Агар атайлаб қилган бўлса, жиноят бўлса жазосини олиши керак. Лекин бизга сўз эркинлиги керак экан, журналистларга нисбатан сал бағрикенгроқ бўлишимиз зарур. Журналист биродарларимдан, ҳамкасбларимдан ҳалол, ростгўй бўлишни сўраган бўлар эдим..."
"...Ҳақорат ва туҳмат учун газета жаримага тортилсин, журналист ҳам жарима тўласин. Лекин қамалмасин. Агар у қамалса, бошқа журналист ёзмай қўяди. У қамалдику, тўхта мен жим юрай деган фикрга келади..."
Манба
Бу блогерларга нисбатан янги босимларнинг бошланиши эмас, деб умид қиламан. Олимжон Ҳайдаров ва Комил Аҳмедовлар тезроқ чиқишлари тарафдориман.
Ҳа, айтганча, яна бир гап.
Етиб келган гапларга кўра, черков маъмурлари блогерлар устидан ёзиб беришни истамаган, аммо рад қилиб бўлмайдиган кишилар аралашувидан кейин ёзиб берган. Бир бало қилиб ариза олингач, қарийб бир ойдан сўнг иш очилган ва дам олиш кунларига тақамасдан, кейинги ҳафтага қоладиган ишни тезлаштириб юборишган. Блогерларимиз қўқонлик каттаконларнинг тишига тегадиган нарсаларни кўп ёзишларини ҳамма биларди.