Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1991 йил 31 августдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллигини эълон қилиб 1 сентябрни мустақиллик куни деб эълон қилди. Шунга мувофиқ равишда амалдаги республика конституциясисига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгилаб берилди. Янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун турли соҳа вакилларидан иборат конституциявий қўмита тузилиб уларга ҳалқаро андозаларга мос келадиган конституция лойиҳасини яратиш вазифаси юклатилди. Ниҳоят 1992 йилнинг 8 декабрига келиб бу қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси қабул қилинб кучга киритилди ва бу кун умумхалқ байрами Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни эълон деб қилинди.
Ушбу Конституция 128 моддадан иборат бўлиб мустақил ўзбек давлатчилигига тамал тоши қўйди. Унда давлат суверенитети, халқ хокимиятчилиги, конституция устиворлиги , инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, маҳаллий ва олий ҳокимият органларининг шакллантириш принциплари мужассам бўлди. Президентлик ҳокимиятига ҳам алоҳида эътибор берилди. Наинки кучли президентлик ҳокимияти барқарор жамиятнинг негизи эканлиги ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига кўра “ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижроий ҳокимият бошлиғидир” дея белгилаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ ёши 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилида эркин гаплашадиган, бевосита сайловгача Ўзбекистонда 10 йил муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика Президенти лавозимига сурункасига икки муддатга сайлана олиши белгилаб берилди. Президентлик муддати эса 5 йил этиб белгиланди. Республика Президенти инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, республика Конституциясига ва қонунларига риоя этилиши кафиллиги эътироф этилди. Ҳамда ваколати тугаши билан истеъфога чиққан Президент умрбод Конституцион суд аъзоси лавозимини эгаллаши белгилаб қўйилди.
Ушбу 128 моддадан иборат Конституцияга 2003 йил 24 апрелда, 2007 йил 11 апрелда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Конституциянинг 89-моддаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғлиги ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юртишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши” эътироф этилди, 90-моддасига мувофиқ эса унинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди, 97-моддага мувофиқ эса ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллаши кўзда тутилди.
2011 йил 12 декабрида эса Конституцияга яна ўзгартириш киритилиб Республика Президентининг 90-моддаси доирасидаги президентлик ваколати беш йил этиб белгиланди.
Шунингдек ушбу ўзгаришлар сиёсий партияларнинг мавқеини кўтаришга ҳам қаратилди. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан кўрсатилиши кўзда тутилди.
Табиат ўзгарувчан, жамият ўзгарувчан шунга монанд инсон ҳам ўзгарувчандир. Кечаги ижтимоий муносабатлар бугун эскириши табиийдир. Мукаммал инсон бўлмагандек мукаммал қонунлар ҳам бўлмайди. Наинки ҳар қандай қонунлар ҳам инсонга қараб мослаштирилади. Шундай экан конституцияга инсонларга мослаштирилиб яна қанча ўзгартиришлар киритилади вақт қози, жамият ҳакам, биз эса гувоҳ бўлиб бораверамиз.
Руҳиддин Комилов-2014 йил 5 декабрь

Comments

Be the first to add a comment