Қишлоқда яшаманг
Қишлоқда яшаманглар.
Китоблардан, кинолардан биламиз – қишлоқ аҳли самимий, кўнгли кенг, бир-бирига ғамхўр тасвирланади. “Дом”дагилар эса қўшнисини танимайди, деб нолиб қўяди қишлоқдан келиб “дом”да яшайдиганлар. Қишлоқдан шаҳарга кўчиб келган ижодкорлар орасида “Қишлоғимни соғиндим...” деб шеъру мақолалар ёзмагани йўқ. Лекин ўзи негадир қишлоққа қайтиб кетмайди.
Шу стереотипларни синдириш керак, ўртоқлар. Шаҳар яхшими? Яхши.
Йўқ. Қишлоқда иш йўқ, шароит йўқ, инфраструктура йўқ, деб эски нолаларни такрорламоқчи эмасман.
Одамлар жамоа бўлиб яшашни ўрганган пайтидан бошлаб ҳамма учун маълум тартиб-қоидалар жорий этиб олган. Ҳозир қонун дейишади буни. Ўзингнинг чегарангда билганингни қил, меникига ўтма. Ўтдингми – фишшт, тўхта! Бўлмаса қонун бор. Қонун бу ёзиб қўйилган ташқи ҳимоячи. Ана шу тартиб-қоида шаҳарда яхшироқ ишлагани учун одамлар шаҳарга интилади. “Шаарлик балалар” културний бўлишади.
Қишлоқда эса ёзилган эмас, ёзилмаган қонунлар амал қилади. Катталарнинг олдини кесиб ўтма, қизлар болалар билан юрмасин... майли, буларига индамаймиз.
Аммо қўшнинг уйида новвос семиртираман деб атрофдаги хонадонларгача саситиб юборса, гапирсанг қулоғига олмаса, устидан ёзсанг бўлмайди. Ёзувчи дейишади, закончи дейишади. Қўни-қўшничилик, қўйинг энди, униям тирикчилиги бор. Юраверасан бурнингни жийириб, охири димоғинг ўрганиб сезмай қўяди.
Уйингдан юқорироқда яшовчилар бутун маҳаллага ажратилган сувними, газними насос қўйиб сўриб олсаю сенга етиб келмаса, индамай қўяверасан. Шикоятчилик ёмон. Бир ердаги одаммиз. Сен ундан кучлироқ насос қўйиб бутун маҳалланикини ҳам сўриб ол, қўлингдан келса. Фақат буни пинҳона қил. Зинҳор қонунга мурожаат қилма. Қўшнининг устидан ёзиш – о, бу қандай пасткашлик. Тобуткашмиз ахир.
Болангни биттаси қонига белаб урибди. Шунгаям ота гўри қозихонами? Бола дегани калтак еб катта бўлади-да. Бу ер сизга Европа эмас, чертганни судга бераверадиган.
Қаранг, шаҳарда йигитлар келин тарафдан бортовой машинада совға-салом олишни бас қиляпти. Ҳамияти уйғонгани рост бўлсин. Аммо сен қишлоқдасан. Бир дунё сеп, бир уй совға-салом, тоғора-тоғора овқат, мебелу сандиқлар келса баҳо берамиз деб турган амма-холаларинг бор. “Олмайман, олиб келманг”, десанг бу ёзилмаган қонунларни бузган бўласан. Орзу-ҳавас деган нарса бор. Қани-қани, меҳмонлар, келаверсинлар. Етти маҳаллага етарли жой бор. Тўй эрталабгача бўлади, вей. Шу тариқа ёзилмаган қонун-қоидалар гуллайверади қишлоқда. Ер яхши-да, ер.
Шаҳарда эса белгиланган қонун-қоида ишлайди. Тўй қиласизми? Марҳамат, 150та одамга жой бор, соат 18дан 22гача шу ер сизники. Фалон ердаги тўйхонага борасизми? Марҳамат, тезликни 70дан оширмасдан йўлнинг ўнг тарафидан юриб бориб, 3 кмдан сўнг ўнгга бурилинг. Такси буюртиринг, 10 минг бўлади. “Дом”да тўй қилмоқчимисиз. Манови усти ёпиқ майдончада бемалол ўтказишингиз мумкин, аммо йўлакка стол-стул қўйманг, одамлар ўтади. Колонкани паст қўйинг, кунчиқар тарафга қаратманг, боғча бор. Тинчини бузманг, бу ерда закончилар кўп.
Шаҳарда ёш-ёш йигитчалар истаса соқол қўйяпти, истаса зирак тақиб юрибди. Қишлоқда эса 30дан ўтгач баъзилар мўйлов қўйволади (ёш йигитча ўзингни қаритиб нима бор). Соқол эса пенсияга чиққандан кейин (намозга ўхшаб).
Жамият илдизига тушган қуртлардан бири аёлнинг беҳурматлаш, маиший зўравонлик. Аммо қишлоқда аёлнинг синган қўли енг ичида, ёрилган боши рўмолнинг тагида. Турмуш – тур, мана сенга мушт дегани. Отаси эшитса, нима дейди? Менинг ажрашадиган қизим йўқ, ўвв, яшайсан. Яширишнинг кераги йўқ, шаҳардаям бунақалар кўп. Аммо одамларга тарғиб қилиняпти. Ҳар хил нодавлат ташкилотлар ишлаяпти, гендер дейдими, бошқасими.. Домла-имомларгача аёлни ҳурмат қилиш, қизларни ўқитишга ташвиқ қиляпти. Одамлар ўзгаряпти, фақат... шаҳарда. Қишлоқда эса ҳалиям “қизболага ўқишни ким қўйибди. Шаҳарда айниб кетади”. Аммо мол боқса, кетмон чопса бўлаверади.

Comments

Be the first to add a comment