(давоми)
Тарвузнинг номини ҳам барча жойдан ўчириш керак. Китоблардан оқ бўёқ билан “тарвуз” ёзуви ўчириб чиқилсин. Биология фанида, кулинарияда тарвуз мавзуи қолдириб ўтилсин. Маъно бузилиш эҳтимоли вужудга келса, “кўк думалоқ” деб аталсин. Нефть кони билан адаштиришади? Коннинг номини ўзгартирамиз, шуям ишми? Тамом, адабиётлардан ҳам тарвузнинг қораси ўчди.
Кечагина пайкал бошида тарвузни ёриб еб юрган одам дунёни бир айланиб келиши биланоқ бу ҳолни кўриб ҳуши бошидан учди. Ия, бу қанақаси бўлди? Ҳушини йиғиб олмасиданоқ, тарвузранг формали иккитаси тирсагидан тутди: - Ҳужжатларни кўриб қўяйлик. – Марҳамат. - Оғзингиздан тарвуз ҳиди келяпти-ку. Биз билан маҳкамага юришингизга тўғри келади. Тарвуз тақиқланганини билсангиз керак. – Кечирасиз, тарвуз еганим йўқ, тарвуз исли атир сепганман. – Экспертиза аниқлайди. – Қандай қилиб? – Қонингиздан аниқлайди. Шунингдек, ошқозон микрофлорасидан. Ахлат ва сийдигингизни топширасиз. – Мен, ахир тарвуз емаганман. – Тез юринг, гапни кўпайтирмай. Бир соат кечиксак, тарвузнинг асосий таркиби глюкоза қонга сўрилиб кетиши мумкин, унда таҳлилчиларимиз қийналиб қолишади.
Кетишди. Биз ҳам ҳикоямизни шу ерда тугатиб ўз йўлимизга кетамиз. Давомини сўраяпсизми? То дориломон замонлар етиб келгунча авлодлар тарвуз нималигини билмай ўсади. Биласизми, шунга қарамасдан тарвуз мазали ва фойдали неъматлигича қолади. Ким билади, дейсиз, эҳтимол, яширинча еб, уруғини сақлаб қўйишар.
(Бу ҳам эски постлардан. Ўйлайманки, ўқувчига ҳаммасини чайнаб бериш шарт эмас)