Олтиариқнинг омбор-масжидлари

Яқинда Олтиариқ ҳақида ёзгандим. Маҳаллий аҳоли баъзи муаммоларини айтиб қолди. Масжидлар масаласи.
Бу ердаги Янгиараб, Эскиараб, Полосон, Бўрбонлиқ қишлоқлари 2-3 минг аҳоли яшайдиган кичик қишлоқлар эмас, аҳолиси 10 мингнинг нари-берисида бўлган каттакон қишлоқлар саналади. Шаҳарча деяверинг. Риштондан кираверишдаги Бўрбонлиқ қишлоғи ҳақида гапирадиган бўлсак, омон-омон замонларда бу қишлоқда нақ 4та масжид ишлаб турган экан. Ҳозир улар омборга айлантириб қўйилган. Шифтлари сири кўчган, деворлари бузуқ мачит-омборда эски қозон-товоқлар (маҳалланики, шекилли), стол-стуллар турибди.
Қишлоқ марказидаги мачит ташқи тарафдан анча кўркам. Бу ерда қачон охирги марта намоз ўқилган деб қизиқсам, 10 йилларча бўлди, дейишди. Охирги 4 йилдаги ўзгаришларга шаъма қилиб, очишга ҳаракат қилган-қилмаганликларини сўрадим. Ҳаракат бўлди, аммо натижа йўқ, дейишди. Маҳалла фаоли Уммат аканинг айтишича, агар очишга рухсат берилса маҳалланинг ўзи таъмирлаб олар экан. Бунга ишонса бўлади, чунки Полосонда ва Олтиариқнинг бошқа қишлоқларида маҳалла ўз кучи билан қураётган масжидларни кўрдик.
Бўрбонлиқдаги Қозиён масжиди қурилганига бир асрдан ортибди. Бу ҳам ёпиқ экан, қўшнидан калитни олиб ичкарига кирдик. Мўъжаз ҳовличада токлар палак отиб, узумлар тугиб ётибди. Аммо бинонинг ҳолати хароб. Ташқарига дарахтлар бир оз кўрк берса-да, ичкари қаровсиз, ашқол-дашқоллар тиқиб ташланган. "Торроқ эмасми?"-десам одамлар қизиқ гап айтишди. Шу тарихий Қозиён масжидининг орқасидаги хонадон "агар шу мачитга керак бўлса ҳовлимнинг бир қисмини бераман", дебди. Чунки жума кунлари қишлоқ аҳолиси 7-8 км йўл босиб масжидга борар экан.
- Болалар одоб-ахлоқни унутиб юборяпти. Алкашлар кўпайиб кетяпти. Масчит бўлса, кечқурун намозини ўқиб, дуосини қилиб айнимай юради, - дейди бўрбонлиқликлар.
Шу куни фақат 2та омбор-масжидни кўздан кечирдик. Қолганларининг ҳолати қандай - билмайман. Ҳар ҳолда шунга ўхшаш бўлса керак. Бу вақтинчалик "омбор"лар асл эгаларига қайтарилишини, яна намозхонлар билан гавжум бўлишини тилаб қоламиз.

Comments

Be the first to add a comment