Кеча бир танишимни таклифига кўра машҳур тармоқли компания идорасига боришимга тўғри келди. Бошкентнинг қоқ марказида жойлашган ушбу идора одамга ғиж-ғиж тўла эди. Айниқса аёллар аксарият кўпчиликни ташкил этарди. Тақдимотдан шуни билдимки уларнинг тоза таббий маҳсулотини сотиб олиб соғлиқни мустаҳкамлаш, шунингдек ушбу тизимга одам қўшиб даромад ҳам олиш мумкин экан. Худди илгариги Тянши, Шенши, Қўнши кейин эса Жўнаши каби тармоқли тизимга ўхшаб, буларда ҳам "бронза", "кумуш", "олтин" директорлар бўлиб ойига 10 минг доллардан 50 минг долларгача ойилк олиш мумкин экан. Уларни эртагини мароқ билан тинглаб фаолиятининг ҳуқуқий ассолари борасида савол берганимда тайинли жавоб топа билмадим, бошқаларга эса бунинг қизиғи йўқ эди чамаси зўр бериб "олтин директор" бўлишни мақсад қилиб олган эдилар. улар "олтин директор" бўлишадими ёки "олтин жўжа" бунга вақт олий ҳакамдир. Аммо жамиятда айниқса ёшларда умуман меҳнат қилишга аллергия борлиги аниқдир. Қани иложи бўлса тилло хум ва очил дастурхон уларнинг измида бўлишсаю, ишламасдан оёқларини осмонга кўтариб ғилдирак қилиб ётишса...