Ютубдаги "Муаллим Медиа" канали қизиқарли суҳбат уюштирибди. Ислом молияси бўйича мутахассис Сурайё Шоамирова Малайзияга ўқишга топшириши, у ерда таълим жараёни ва талабалар шароитлари, қийин пайтларда дўстлари ва устозларининг берган ёрдами, Ўзбекистонга қайтиши ва Тошкентдаги Вестминстер университетида ишга жойлашуви, ҳижобига бўлган босимлар, ислом молиясини Ўзбекистонда танитиш ва истиқболи тўғрисида фойдали ва қизиқарли маълумотлар берибди. Сурайё Малайзияда шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф билан учрашганини ҳикоя қилиб берган.
"...2006миди 2007лар бўлса керак, Малайзияга боришган. Бизнинг университетга келишган. Байроқларимиз илинганди. Ман энди танимасдим-да. Байроғимиз илиниб қоптими дедим, ўзи ўзбекистонликлар кўп эмасдик. Ўзбекистондан меҳмонлар келди, бирга умумий ужин қиламиз, деб ректоратдан телефон қилишди. Бордим, ўтирдим, таништиришди. Эртаси куни “сиз билан гаплашсак бўларкан” дейишди, Хўп, дедим. “Мани бир жияним бор, ўқишга ҳужжат топширмоқчи, дадалариям келади” дейишди. Кейин эртаси куни кўришдик. Университетимиз тепасида арабларнинг ошхонаси бор. Ўша ерда кўришиб “қанақа ҳужжатлар кераклигини айтсангиз, ёзволаман” дейишди. Хўп, дедим, энди ман у кишини билмаганман-да илм одами эканликларини, диний китоблар ҳам унча кўп бўлмаган олдин. Кўришсак, амаки қовун олиб келибдилар Ўзбекистондан (кулги аралаш). Энди ман амаки дердим-да. Кейин айтдим, қанақа документлар топширилишини. Тавсиянома керак, дедим. Араб тилида бўлса - битта, инглиз тилида бўлса - иккита керак, дедим. “Хўп, ҳозир ёзиб берсам-чи”, дедилар. Майли, лекин, сиз қандай берасиз, ташкилот ё ўқитувчи бўлиши керак, дедим. “Манам ташкилотданман”, деб кулдилар, роса ҳазилкаш эканлар. Тушли ручкаларини олиб, арабчада ёзиб бердилар. Шундай қарадим-да, ие, қаттан биларканлар, дедим. Ҳайрон бўласиз-ку. Печатни уриб, “қўлим биланам уриб берайми”, деб кулишди. Майли, амаки, дедим. Охирида документларни олдим, ёзволдим. Студент бўлганим учун “прямой” одам эдим-да (кулги аралаш). Амаки, документни топширишда пул тўлайди-да, 25 доллар пул тўлашингиз керак, дедим. Ўзим уялиб кетаман, ҳозир эсласам (яна кулги). “Хўп, бераман”, деганлар, ўзлариям уялиб кетганлар. “Мен буни банкка обориб топшириб сизга эмаилдан жўнатаман”, деганман. У пайтда ватсаплар йўғиди. “Хўп, қизим”, дедилар-да, 50 доллар бердилар. “Амаки, манда 25 доллар қайтим йўқ, лекин сизга рингит бераман”, десам, “йўқ, қизим қолаверсин”, дедилар. “Амаки, ман пора олмайман”, деганман (кулги). Шунда, “қизим, пора эмас, хизматингизга ўзим хоҳлаб беряпман”, дейишганда “амаки, манга пора бермоқчимисиз” деб кулганман. “Сизга қовун ҳам олиб келгандим”, деганлар. Амаки, яна пора беряпсизми, десам, порамас, деганлар. Жияниз ўтмай қолса-чи, деганман. “Пора эмас”, деб роса кулганлар. “Ман фатво берадиган одамман, порамас”, деяптилар. “Енг деб опкелдим”, дедилар. Ректоратгаям ташлаб чиққан эканлар Ўзбекистон қовунларидан. Эсласам уялиб кетаман, танимаганлигим учун. Кейин манга айтишди, “жинни у Ўзбекистонда дин бўйича катта одамларинг экан”, дейишди. Кейин шунақанги уялганман, интернетда текширсам. Кейин ўқишни битирганингиздан кейин келинг гаплашамиз деганлар".
Илм йўлига кирган синфдошимнинг эришган натижаларидан хурсандман.