Андижонлик актёрлар

2 йил олдин "Шовқин исканжасидаги хонадон" номли мақола эълон қилгандик. Унда андижонлик Мирзоҳид Ҳакимовнинг уйининг ёнида алоқа компаниясининг генератори хонадонга тинчлик бермай келаётгани, оқибатда уй эгаси ва болалари касалликка чалингани, шикоятларига эса ҳеч ким эътибор қаратмаётгани ёзилганди. Видеолари билан. Шу қатори бошқа блогерлар ва сайтлар ҳам бу муаммога эътибор қаратди, ўз манбаларида ёритди. Омбудсман ҳам ўрганибди.
Ниҳоят, Мирзоҳид аканинг кўчасида ҳам байрам бўлиб, шу йилнинг 24 июн куни ҳокимлик ва бошқа мутасаддилар уйига боришибди. Бу ҳақда у яқинда телефон қилиб суюнганча гапириб берди. Айтишича, уйига маҳаллий ҳокимликдан, вазирликдан, тахмин қилишича, алоқа компаниясига алоқадор каттаконлар ҳам боришган. "Ҳаммасининг исмларини эслаб қололмадим-да", дейди Мирзоҳид Ҳакимов. Шундай қилиб "шовқин исканжасидаги хонадон"га ташриф буюрган галстукли амакилар Ҳакимовларга тинч жойдан уй ажратадиган, генераторни тинчитадиган, борингки, барча муаммони ҳал қиладиган, уйни бўстону гулистонга айлантирадиган бўлишибди. Қоп-қоп ваъдалардан Мирзоҳид аканинг қўйни тўлиб кетиб, давлатимизга кўп-кўп миннатдорчилик билдирибди, ҳатто, тушунтириш хати ёзиб қўл қўйиб ҳам берибди.
Энди, ўзингиз биласиз , ваъда қарздай гап. Қарздор эса қорасини кўрсатмай кетгани ёмон. Андижонлик мутасаддилар ҳам "сеҳрли қалпоқча"ларини кийишибдию, шу бўйи умуман кўринмай кетишибди. (Тушунтириш хатига қўл қўйилдими - қўйилди, вассалом буёғига). Мирзоҳид ака бир кун кутибди, бир ҳафта кутибди, бир ой кутибди - ҳеч вақо ўзгармабди, ўша-ўша уй, ўша тоғора эмиш. "Эҳ, ҳокимликка ишониб бўлмас экан", деб пешонасига бир урибди Мирзоҳид ака.
Эҳтимол, Ҳакимовнинг хонадонига ҳокимлик ёллаган актёрлар борган. Ҳақиқий мутасадди ваъдасини бажаради, ҳеч бўлмаса ҳаракат қилади. Фуқаро муаммосини ҳал қилиш ўрнига уни алдаб-сулдаб тинчитиб, "ҳал қилинди" деган тилхат олиш урфга кирди. Шундай экан бу уйга мутасаддилар бориши асло шарт эмас. Театр актёрларини олиб бориш ҳам етарли.
Мирзоҳид Ҳакимовнинг аудиохабари👇

1 comment