Қишлоқ аёллари рўмол ўраб юради, ибо-ҳаёси бор, дейсизми? Рўмолни урф бўлгани учун ўраб юради, диний сабабдан эмас. Ҳа, дарвоқе, табиий ҳусни вафо қилмайдиган ёшга етганида оқ рўмолларни ўраб олишади. Тўпланишиб мушкулкушод ўқишади, зиёратгоҳларга бориб тилак қилишади, муаммога учрашса фол кўрсатишади. Ҳар бир қишлоқда ўз мушкулкушодчи мутахассиси, фолбини, баъзида илгиригача бўлади. Буларнинг ҳаммаси урф холос, на дин, на илм. Шаҳарда дом тагида катта ёшли бошяланг аёллар енги йўқ, тиззасига етмайдиган халатда ўтган-кетганни муҳокама қилиб ўтиришади. Улар русча каналларни кўради, қонун-қоидани тушунади, ёлғиз урфга ўралашиб қолмаган. Ўрисларга ўхшаб яшайди, қишлоқдагилардан фарқи - ўғли ва келинини ўз ҳолига қўяди.
Қишлоқда, ҳатто, мелисалар ҳам ўзиники. “Подстансагача босавер, Ортиғалининг ўғли ГАИ, бу зонага ўзим жавоб бераман, деган. Правангни олиб беради”. Ҳужжатсиз, бошқасиз, носоз машинани тезлигига қарамасдан босилаверади. Шаҳарда эса камера бор. У Ортиғалининг ўғли эмас. Яхшиямки ҳеч кимнинг ўғли эмас. Қоида буздингми, жазоингни оласан.
Ўқимоқчимисан. Шаҳарда ҳар қадамда ўқув маркази. Пулини тўла, кириб ўқи. Истасанг, тил ўрганиб четга кет. Қишлоқда эса булардан бехабар, ғофил оталар боламни ўқитаман, деб ҳалиям новвос боқиб юрибди. Битта дипломли бўлиб, давлат ишига кириб ишлаcа куни ўтар.
Қишлоқда яшаманглар. Қишлоққа янгилик охирида келади ва секин тарқалади. Тарқалаётиб урф-одат деган, ёзилмаган қонун деган ғовларга учрайди. Консерваторлар олами. Шаҳардан келадиган “зарарли” нарсаларни ўзига сингдирмаганлигини даъво қилувчи, аммо “фойдали”ларини ҳам ичкарига қўймайдиган олам. Марказга фақат истироҳат боғлари, футбол стадиони учунгина интилмайди одамлар. Шаҳарда яшанглар.
@kfkanali

3 comments

Alfriganus
Мен анча олдин билгандим буни, лекин бу даражада ёритиб беролмасдим...👍👍👍