Заковатга президентнинг эътибори ҳақида ҳар хил қарашлар бўлди. Бу ерда сезилар-сезилмас сайловолди ташвиқоти ҳам ўтиб кетганини тан олиш керак. Аммо мен шу ташвиқотдан қўшиқчилар, актерлар ёки млнлаб обуначиси бор инстаблогерлар эмас, заковатчилар фойдаланганлигига хурсандман. Юқорида санаган уч тоифанинг аудиторияси заковатчиларникидан ўн баробар кўп бўлса-да, билимдонлар аудиториясини танлашгани бу ҳам ўзгариш. Заковат охирги йилларда ҳақиқатан чўкиб қолганди. Телекўрсатув вақти кўпчилик ухлаган пайтга ўтган, тақдирлаш ҳам ўзига яраша бўлиб қолган... Энди у бир айланиб катта шоу бўлиб кетди. Қиммат саҳналар, артистлар, мушаклар... Бу ҳам эътиборни тортиш учун бир усулдир, аммо ўйин мағзи билим тарғиботилигича қолиши керак. Ҳашамат ўйиннинг асосий мақсадидан чалғитиб қўймаслигини истардим. Аввалгидек содда, самимий ўйинларга кўз ўрганган. Чой берсаям, Тўхтаниёз ота колбасасини берсаям. Ҳозирги космик станцияларни эслатувчи безаклар, сунъий соқчи қиёфали актерлар... буларнинг аҳамиятини тушунганим йўқ. Умид қиламизки, энди лойиҳада саволларни яхшилашга, билимдонларни саралашга, яхши савол эгаларини тақдирлашни кучайтиришади. Энди бунга маблағ бор. Дарвоқе, маблағ ҳақида. Айримлар бу бир ўйин, унга катта маблағ ажратиш ўринсиз, демоқда. Худди спортни натижасиз молиялаштиришга қиёслаётганлар ҳам бор. Молия-иқтисод билимдони эмасман, аммо дунёда спортни давлат молиялаштириши учрайди, жумладан ғарбда ҳам. Томошабин тўплаб ўз харажатини қоплай олмайдиган, олигархлар назарига тушмаган спорт турлари бор. Бундай ҳолатда давлат маблағ ажратиши салбий ҳодиса эмас. Салбий ҳодиса – маблағ талон-торож қилиниши ва боқимандалик келиб чиқиши. Мен Заковатга маблағ ажратилганлигига хурсандман, бу энг камида ортиқча соҳаларга ажратилганидан кўра афзалроқ ҳолат. Натижаси эса куттирмайди. Асосийси, ҳашамсиз ўша қадрдон Заковат қайтиши, бу лойиҳа янада ривожланиб янги даражага кўтарилиши ва билим тарғиботи.
3 comments
Alfriganus
Тугри, бунчалик дабдаба шарт эмас деб уйлайман. Шу кетишда маза матрасиз шоуга айланади...
Ilgari buncha mablag‘ ajratilmasa ham Zakovatni yangi sonini orziqib kutardik,o‘yinni fayzi boshqacha edi.Hozir qandaydir boshqacha!Yana bilmadim,menga shunday tuyildi.
Shahnoza
Pullarni kechagidaqa shoulariga emas,o'yindagi savol javobga tiksa,ko'proq qiziq bo'ladi,savol beruvchi ham,kamandaham harakat qiladi,