Одамзод, эҳтимол, 5 минг, эҳтимол, 50 минг йил давлат тузиб яшади. Саноқли даъвогарларнинг ҳокимиятга интилиш истаги орқасидан оддий одамлар қирилди. Рақибини ағдарганлар унинг тарафдорларидан тортиб оиласигача йўқ қилди. Охири бир ақлли одам чиқиб “токайгача ҳокимият учун бир-биримизни ғажиймиз. Келинг, ҳокимиятга даъвогарлар партия тузсин. Тарафдор йиғсин, рақобатчилари билан баҳслашсин, зўрлигига одамларни ишонтирсин. Сайлов қилайлик, ютиб чиқса ана олий мансабни олсин. Қурол билан эмас, сўз билан курашайлик”, деди. Оқил одамлар шу тартибни жорий этгач, урушлар камайди, мамлакатлар тараққий қилди.
Кўппартиявийликнинг яхши томонларидан бири шуки, сайловчи меъдасига теккан президент/раис/премьерни танламасдан, бошқа таниқли бўлмаган ёки тажрибасиз бошқа номзодга овоз бериши ҳам мумкин. Украинадагидек. Нима бўпти, одамлар сиёсатчини эмас, актёрни танласа. Асосийси уни фуқаро танлади, бўлди-да. Бу ҳам протестнинг тури.
Афсуски, юз йиллардан бери яхши бошқарувга ёлчимаган бизнинг давлатимизда ҳам кўппартиявийлик учқунлари дарҳол ўчирилган (аниқроғи, сунъий кўппартиявийлик мавжуд). Ташаббуслар бости-бости қилинган ва ҳозир ҳам қилинмоқда. Бунга мисол, ўтган йилдан бери тузишга ҳаракат қилиб келинаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясидир. Аҳад Қаюмнинг ҳар бир чиқишинию, вазир/ҳокимларнинг қовун туширишини ҳафталаб муҳокама қиладиганлар бу ташаббускорлар ҳақида индамай қўяқолишни афзал кўрмоқда. Индаганлар ҳам уларда етакчиликка лаёқат кўрмаганлигини айтиш билан чекланмоқда.
Майли, уларда бошқарувга лаёқат бўлмасин, президентликка қобилият бўлмасин – аммо улар ноқонуний иш қилаётганини кўрмадик-ку. Марҳамат, Хидирназар Оллоқулов партия тузсин, сайловда қатнашсин, эпласа ютиб чиқсин. Ислом Каримов ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатнинг ўзидан мустақил партиялар етишиб чиқиши мумкинлигини айтганини яхши эслайман. Тўғри, президентни алдаманглар, бу ишлардан у бехабар, дейдиган даражада гўл эмасман, аммо янги партия ташкил этилишига қаттиқ қаршилик бўлаётганини кўриб-билиб турибмиз, гоҳ ошкор, гоҳ зимдан кузатяпмиз.
Одамлар қонун доирасида турли уюшмаларга уюшиши, партиялар тузиши, давлат сиёсатини партиялар баҳси асосида белгилаш демократик ва ҳуқуқий давлатчиликнинг шартларидан бири эмасми? Чўнтак партиялар бу ишга қодир эмаслигини ҳамма кўриб турган, уларнинг баёнотлари кулгу ва истеҳзо билан қарши олинаётган, улардан ҳеч ким умид қилмаётган бўлса. Янги партия тузилишига, улар ўзини кўрсатишига имкон бериш керак. Ҳозиргача уларнинг йиғилиши тўхтатилибди, оила аъзоларигача босим кўрсатилибди. Ҳуқуқий ва демократик давлатда бу ишлар бўлиши керакми?
Мен янги партия ташаббускорларига йўл очилиши, уларга босим ўтказилмаслиги керак деб ҳисоблайман. Шу билан бирга хонакилаштирилган блогерлар уларнинг йиғилишига аралашиб тарқатган турли мишмишларни уюштирилган деб биламан. Пастдан ташаббус билан социал-демократик партиялар, миллий йўналишдаги партиялар тузилсин, борингки, (тақиқлар олиниб) социалистик ва исломий йўналишдаги мўътадил партиялар тузилсин. Токи мамлакатимизда ҳақиқий маънодаги кўппартиявийлик қарор топсин, сайлов эркин ўтсин, фикр эркинлиги бўлсин, қонун устун бўлсин.
(эски постлардан)

7 comments

Milliy, hududiy va diniy partiyalar tuzilishi Konstituysiyaga zid.
Shukurjon Islomov
шунга "тақиқлар олиниб" деб қўшганман.
Birorta ijobiy misol keltira olasizmi, hududiy partiya, milliy partiya, diniy partiya tuzib baraka topganlardan?
Inomjon Rahmatov
Shukurjon Islomov
шунга "тақиқлар олиниб" деб қўшганман.
Фикрларингиз ўринли. Бундай ўзгаришларга керакли чора-тадбирларни белгилаб, ҳозирги кўпгина иллатлардан холи жамият қуриш мумкин.
Mr Ikboljon Kamolov
Birorta ijobiy misol keltira olasizmi, hududiy partiya, milliy partiya, diniy partiya tuzib baraka topganlardan?
Миллий тикланиш партияси бор-ку ўзимизда. Ҳудудий партия ҳақида постда ёзмадим. Диний партияга келсак, Европада христиан-демократик партиялар бор. Исломий партияларнинг ҳозир фаолияти бўшлиги доим бундай бўлишини билдирмайди. Вақти келиб сиёсий саҳнага қайтиши мумкин