Эски касаллик
Юқоридаги ўзгаришларда журналистика йўналишини тўғри тушуниш мумкин. Чунки ушбу йўналишларда азал-азалдан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиб келинар эди. Аммо пандемия сабаб 2 йилдан буён ноиложликдан ижодий имтиҳон тестга алмаштирилганди. Энди шу яна ўз ҳолига қайтди.
Қолган йўналишлардаги ўзгаришларга шу соҳадаги етакчи ОТМлардаги педагог-мутахассисларнинг фикри инобатга олингани айтилмоқда. Хўп, тушунарли, замон талаби билан касблардаги талаб ўзгарган бўлиши мумкин. Аммо нима учун ушбу ўзгариш ҳақида аввалроқ огоҳлантирилмаган? Тестга 2-3 ой вақт қолганда ўзгаришлар киритилиши қай даражада адолатли?
Масалан, ўтган йили октябрь ойида Юридик университетга ўқишга киришда фанлар мажмуаси ўзгариши, тарих ўрнига ҳуқуқ фани киритилиши, аммо бу ўзгариш 2 йилдан кейин, яъни 2023 йилдан жорий этилиши
маълум қилинганди. Мана шунақа узоқни кўзлайдиган йўлдан борилса бўлмасмиди? Яъни камида 1 йил олдин муҳим ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш керакмасмиди?
Тўғри, бу ерда бир нечта аргументлар бор.
Биринчи аргумент, ҳамма абитуриент бир хил имконга эга, яъни кимгадир фан ўзгариб, кимгадир эски фан сақлаб қолинмаган. Ҳаммага бир хил ўзгарди.
Ҳа, бу гапда жон бор. Аммо айнан мана шу бир хил имкониятнинг ўзи адолатсизлик ҳисобланади. Яъни аввал бошқа фанга эътиборни кўпроқ қаратиб, сидқидилдан ўша фанни ўқиган абитуриентлар билан, қўл учида ўқиганларнинг имконияти деярли тенглашиб қолди.
Иккинчи аргумент, саволлар фақат мактаб дарслигидан бўлади, мактабда яхши ўқиган бўлса, нима муаммо?
Ҳа, бу ҳам мантиқан тўғри. Аммо мактаблардаги ўқитиш сифати ҳали талаб даражасига кўтарилмаган бир шароитда, "биз исталган пайт, исталган фанни ўзгартира оламиз, керак бўлса ўқигин" дейиш ҳам унчалик тўғри эмас.
Учинчи аргумент, ўзгаришлар жуда кам йўналишларда бўлди, эътибор қилишга арзимайди. Жуда норози бўлса, ана, ўзи яхши ўқиган фани бўйича бошқа йўналишга топширсин.
Тўғри, 461 та йўналиш ичида ўзгарганлари саноқли, умуман олганда, аҳамият бермаса ҳам бўладигандек гўё. Аммо ўзимиз ёшлардан кўп норози бўламиз, бир тайинли касбни эгаллаш бўйича аниқ мақсади йўқ, шохдан-шохга сакраб юришади, қайси соҳани эгаллаши қизиқмас, ўқишга кирволса бўлди, деймиз.
Бироқ яна ўзимиз аниқ касбни мақсад қилган кам сонли ёшларнинг оёғига болта уриб, кутилмаган ўзгаришлар қилиб, "ёқмаса, ана бор, бошқа йўналишга топшир" деймиз. Бу сизларга ғалати кўринмаяптими, ҳурматли масъуллар?
Хуллас, бу таълим тизимига теккан
эски касаллик. Яъни жиддий ўзгаришлар доим қисқа вақт қолганда маълум қилинади. Кутилмаганда
аҳоли ўртасида шок пайдо қиладиган қарорлар қабул қилинади. Мана шу қарорларга олдиндан тайёрлаш, огоҳлантириш, тушунтириш деган нарсалар йўқ. Бу таълим соҳасида, айниқса қабул жараёнларида бюрократиянинг ҳиссаси катта эканлигидан далолат. Вазирлик кўп масалада ўзи мустақил қарор қабул қила олмайди, ДТМ мустақил ҳаракат қилолмайди. Йил бошида келишилган бирор кичик ўзгаришларни тасдиқлатгунча, йил якунлаб қолган бўлади.
Ҳа, тўғри, яна айтишингиз мумкин, таълим шошқалоқни ёмон кўради, шошилиб қабул қилинган қарор, таълимга салбий таъсир ўтказиши мумкин, ўшанчун етти юз марта ўлчаб, кейин кесамиз, деб. Тўппа-тўғри. Сиз ҳақсиз. Аммо бир савол: агар таълим шошқалоқни ёмон кўрса, унда нега тестга 3 ой қолганда бундай ўзгаришлар қилинди? Шуни кейинги йилдан қилса бўлмасмиди? А, лаббай?
👉 @xushnudbek 👈
Tarix yo’nalishlari ham juda kam va sanoqli bo’lib qolgan. Mayli agar ona tili tarix o’qigan abituriyentlar tarix ona tili yo’nalishiga topshirdi deylik mayli o’g’il bolalar ish topishi mumkin. (Shundayam 10% o’qigan sohasi bo’yicha) Qishloqlarda yashovchi qizlar nima qiladi. Muzeyshunoslik deydi qishloqlarimizni hech qaysida muzey tugul muzeyshunoslik qilib yurishga ruhsat beradigan inson yo’qku.
Ingliz tilini shunchalik hamma bilishini istar ekan hamma fakultetlaga har bir sohagi OTMda dars soatini ko’paytirsin.
Hech bo'lmasa shu o'zgarishni oktabr-noyabor oylarida chiqarganda tarix emas ingliz tili o'qirdi o'quvchilar.
3 oy qolganda bunday qaror chiqarish adolatsizlik, o'ta ketgan pastkashlik.
Shu yuqori lavozimdaishlayotganlar qaror chiqarayotganganda hech o'ylab ko'rarmikin?
Axir oz muddat qoldi. Yil boshidan tayyorlanib yurgan abituryentlar bor-ku, axir!!!
Mutasaddilar bilan gaplashish qo‘lingizdan keladiku.
Shaxsan bu qaror meni shokka tushirdi. Sababi men xuddi shu sohaga o‘tkan yili kontraktga kirib oilaviy sharoit tufayli o'qiy olmadim. Bu yil ham amal taqal bilan kursga pul topib buyjetga kirish uchun astoydil o‘qiyapkan edim. Lekin bu qaror hammasini tamom qildi. Iltimos javob yozing