15-16га кирган йигитчага ҳаётда 95-99 фоиз ҳолатда зарур бўлмайдиган интеграл, валентлик, цитология, эргаш гапли қўшма гап, Френел қоидаси, мумтоз бадиий санъатларни ўргатган яхшими ёки машина тузатишними?
15-16га кирган қизга ҳаётда 95-99 фоиз ҳолатда фойдаси тегмайдиган дифференциал, ҳосила, кимёвий формула, ҳужайра тузилиши, нисбат майли ва тақсим сон, Гей-Люссак қонуни, Маркеснинг романларини ўтган яхшими ёки тикиш-бичишними?
Билмадим. Ўқув дастурларини мендан кўра билимли мутахассислар тузишини биламан холос. Шу кунларда президент матбуот котиби:
"Шавкат Мирзиёев:
Мактабларнинг
10-11-синф ўқувчиларини
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Бундан буён,
мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган
камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади.
Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида
нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади",
деб ёзгани эътиборимни тортди.
Ўзбекистон 30 йил аввал бозор иқтисодиётига асосланган хўжалик юритиш йўлига ўтди. Бозорнинг қонун-қоидалари қаттиқ бўлади. Хўш, сен ўрганаётган нарсага талаб борми? Талаб бўлмаса, унда вақтни ўтказмасдан талаб бор соҳага ўт.
Тан олиш керак, юқорида тилга олинган илмлар хослар учун. Албатта, бу илмлар зарур, фақат ҳамма билиши шарт ҳам эмас. Диний истилоҳда айтсак - фарзи кифоя.
Хўш, бугунги меҳнат бозорида кимларга талаб бор? Диплом талаб қилмайдиганларни санаймиз. Менинг кузатишимча, машина тузатувчи усталар (моторист, электрик, кузовшик, радиаторчи), қурувчи уста, пардозчи уста, мебелчи уста, дурадгор, электромонтер, электрогазопайвандчи, сантехник каби ўз ишининг усталарига талаб бор. Ҳатто, дипломлилардан яхши топишяпти. Аёл-қизлар-чи? Улар орасида чеварлар (агар яхшиси бўлса), пишириқчи ва салатчиларга талаб юқори. Аёллар йўналишлари камроқ экан, дейсизми? Гап шундаки, чеварликнинг ўзи бир нечта "мутахассислик"ка бўлиниб кетган, пазандалик ҳам шундай. Қисқаси, дипломсиз ҳам яхши касб-ҳунар билан нормал яшаш мумкин.
Бошқа ерда билмадим, аммо бизда бола 12-13 ёшидан бирор касбга бериш одати азалдан бор. Балки, болам нонвой ёки ошпаз бўлмас, аммо бир йил ярим йил қатнаса кўзи пишади, дейди ота-оналар. Оқибатда қўлидан иш келадиган инсон ҳеч қаерда кам бўлмайди. Қаранг, шу одатимиз, ахийри, давлат сиёсатига айланибди.
Қисқаси, катта синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш яхши тадбир бўлибди. Фақат буни ҳам ҳужжатбозликка айлантириб, барчасини қоғозда "бажаришмаса" бўлгани.
Бозор иқтисодиётининг қоидалари қаттиқ, кўнишга мажбурсан.
Ikkinchidan, mening eng qo'rqadigan narsam, "majburiy" jumlasi. Ishoning, bu jumla qo'shilganda, eng yaxshi niyatlar bilan boshlangan ish ham yoqimsiz MUAMMOga aylanadi. Bu jumla hal qilayotgan masalalaridan 100 marta ko'proq muammo yaratadi. Shu jumla qo'shilmasa, bu g'oya yaxshi natija berishiga ishonaman