❗️IMEI-кодларга оид янги тартиб ноқонуний жорий этилган
Ёдингизда бўлса, кеча IMEI-кодлари бўйича янги тартиб жорий қилингани ҳақидаги хабарга изоҳ бера туриб, "наҳотки Вазирлар Маҳкамаси қарорига ўзгариш киритилган бўлса?" дея бу тартибнинг қонунийлигини шубҳа остига олган эдим.
Бугун Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг берган баёнотидан кейин ушбу
янги тартиб ноқонуний жорий этилганига 100% амин бўлдим.
Вазирлик ёки халқни қонунчиликни яхши тушунмайди деб ўйлайди, ёки ўзлари яхши тушунмайди.
Ҳолатни тушунтираман:
Баёнотда айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси қарорида вазирлик ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш бўйича ваколатли орган деб белгиланган. Шу сабабли «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК, яъни тизим оператори IMEI-кодни рўйхатдан олиш тартибига ўзгариш киритган. Эътибор қилинг, ўзгаришни вазирлик эмас, балки бошқа ташкилот киритган.
Энди бир бошидан бошлаймиз.
IMEI-кодларни рўйхатга олиш жараёни қанақа бўлиши Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2019 йилдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган
Низомда аниқ белгилаб қўйилган.
Ушбу Низомда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш чоғида телефон рақами ариза берувчининг номида бўлиши кераклиги ҳақида бирорта қоида йўқ. Бунақа талаб қўйилмаган. Низомнинг 17-бандида ариза берувчидан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди, деб ёзиб қўйилган.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг қарори, яъни Ҳукумат ҳужжати. Халқ тилида содда қилиб айтганда, бу Низомни Бош вазир имзолаб, тасдиқлаган. Бу ердаги тартибни ўзгартириш учун яна бир марта Бош вазир тегишли ҳужжатни имзолаши ва рухсат бериши керак. На вазирлик, на қанақадир ДУК ўзбошимчалик билан Бош вазир тасдиқлаган ҳужжатни ўзгартира олмайди.
Аммо бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси қарорига ҳеч қандай ўзгариш киритилмади. Демакки, кеча ушбу тартиб ҳеч бир асоссиз ўзгартирилди. Ва буни вазирликдагилар тўғри дея баҳолаб баёнот берди.
❓Савол: ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ёки ДУК раҳбари Бош вазирдан устунми?
Ёки юртимизда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга амал қилиш тўхтатиб қўйилдими? Исталган вазирлик ёки исталган ДУК ўзи хоҳлаган пайтда бемалол Ҳукумат қарорларини ўзбошимчалик билан ўзгартира оладиган бўлиб қолдими? Қачондан унақа бўлди, биз эшитмай қолибмизку?!
Ушбу ҳолатга Адлия вазирлиги бирор муносабат билдирса яхши бўлар эди. Ва Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ўзидан ҳам қўшимча изоҳ кутиб қоламиз. Агар вазирликда яхши юристлар бўлмаса, Адлия вазирлигидан маслаҳат сўраб кўришсин, қаерда хато қилишганини айтишади.
Нима бўлганда ҳам бу ўзбошимчаликка тезроқ чек қўйилиши керак.
P.S.: вазирлик бугун IMEI-кодлар базаси кутилмаганда очилгани бўйича ҳам изоҳ бермади ҳали.
👉 @xushnudbek 👈
Халқимизнинг ҳуқуқий салохиятини оширишда хечхам чарчаманг.
Man xalq uchun uzimei hecha qanday foyda bergani yo'q faqat imei royxatdan otkachi 100mingda 300mingga cha pul sarf qilyapti 300 ming somga telfon ham sotib olishi mumkun axir !