​​Ректорлар коррупциядан огоҳ бўлишга чақиришмоқда!

Лазиз Тўйчиев, Тошкент тиббиёт академияси ректори:

- Ҳозирда ОТМларга ўқишга кириш учун қабул квоталарининг ошганлиги, абитуриентнинг масофадан туриб ҳужжат топшириши, бир вақтнинг ўзида бешта олийгоҳни танлаши, кириш имтиҳонлари учун вилоятларда ташкил қилинган жойлардан туриб тест топшириши учун шароитларни яратилишини қатор коррупцион ҳолатларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.

Қолаверса, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг махсус буйруғига биноан, қабул имтиҳонлари республикамизнинг бошқа ОТМ профессор-ўқитувчилари таркибидан тузилган махсус комиссия аъзолари томонидан қабул қилинади ва академиянинг профессор-ўқитувчилари бу жараёнда иштирок этмайди.

Шундай экан, сохта фирибгарларга ишониб, ўзингизнинг ҳаётингизни ва фарзандингиз келажагини хатарга қўйманг! Агар сиз фарзандингизни Тошкент тиббиёт академиясида ўқитмоқчи бўлсангиз, фақат унинг иқтидори ва қобилиятига ишонинг.

Адилбай Есимбетов, СамВМИ Нукус филиали директори:

- Йиллар давомида ҳар бир соҳа тараққиётига болта уриб келаётган коррупция балосини ҳамон тўлиқ бартараф қилмаганимиз аччиқ ҳақиқат. Бугун эса олий таълим соҳасидаги қабул жараёнларига ҳам суқулиб кириб, ўз соясини солишга уринаётганлиги албатта бизни сергак бўлишга чақиради.

Фарзандининг келажагини ўйлайдиган ҳар қандай ота-она унинг пок йўл билан таълим олишига тилакдош бўлади. Беғубор орзулар қанотидаги ёшларни ўзларининг бемаъни ўйлари билан безовта қилишга уринаётган қўш-тирноқ ичидаги уддабуронларга асло эътибор берманг.

ОТМлардаги қабул жараёнларида ҳеч қандай қонунбузилишига йўл қўйилмайди. Фарзандингиз ўқишга киришда ва ундан кейинги жараёнда ҳам коррупция ботқоғига ботмаслиги қайсидир маънода сизга ҳам боғлиқ эканлигини эсда сақланг!

Алишер Усманқулов, Жиззах политехника институти ректори:

- Узоқ ва яқин ўтмишимиздан маълумки, порахўрлик миллатимиз, давлатимиз тараққиёти учун энг катта тўсиқдир. Айниқса, олий таълим даргоҳларига кириш тестларига бу иллатнинг аралашуви кадрлар сифатига, таълим даражасига жиддий путур етказди. Ҳаммамиз бундан етарлича хулоса чиқаришимиз лозим.

Кечаги аччиқ сабоқлар эртанги ширин меваларга замин бўлмоғи лозим. Умид қиламанки, олий таълим даргоҳимизга қабул, тест ва таълим жараёнларида фақатгина билимига ишонган, виждонли ва илмга чанқоқ йигит-қизлар талаба бўлиб қадам босадилар.

Азиз ёшлар, билим ва ўзига ишонч – коррупцияга қарши Сизнинг қуролингиз бўлсин!

Сафимизга қўшилинг:
👉 @davlattestmarkazi 👈

3 comments

Олдин шу ректорлар узлари ишлаб турган муассасадаги коррупцияни тухтатишсин, колганларни огох булишга чакиришдан олдин!😏
Dilshod Eshonqulov
Юкоридаги фикирга кушиламан. Аввал узлари ишлаб турган олийгохларда порахурликни йукотиб олиб кейин маслахат берса адолатли булар эди. Узлари вактида кандай ишлаган порсизми, хозир кандай ишлаябди порасизми ишонмайман. Пора деганда факат абутирентларни укишга киргизишни хисоблашаябди шекилли ректорлар.
лилия
аввало узлари роя килишса буларди