Қаҳрамон ота ҳамда интилувчан қиз ҳақида ҳаётий воқеа
Фейсбукда блогер Aqida Hanum
ёзяпти:
«Яшасин меҳрибон оталар!
Тренингни биринчи куни якунланиб, жамоа билан кечки овқатни тановвул қилиб хонамга кирдим. Ҳовли тарафдаги балконга китоб ўқимоқчи бўлиб чиқдим. Шу пайт телефоним жиринглади.
-Лаббай?
-Опажон, ассалому алайкум!
-Ваалайкум ассалом!
-Мани танимадингиз-а???))
-Йўўўқ, узр синглим (
-Ақидапоо, ман Муслимаман!
-Вооой, қизиии! Яхшимисииииз?
Ярим соатча гаплашдик. Бу қиз карантинда рўзғор тарқатиб юрганимизда бизга алоқага чиққандилар. Дадалари ишсиз қолганлар, ўзи ўртаҳол оила. Ота оддий ишчи. Она уй бекаси, уч нафар фарзанднинг каттаси шу қиз, ундан кейин иккита ука бор.Улар ҳали мактабга чиқишади. Йигитларга уларнинг манзилини бергандим, бориб рўзғор ташлаб келишганди.
Мана бир йил ўтиб синглимиз телефон қилибдилар. Хурсандчиликдан йиғлаб ҳам олдилар.
Хуллас, юқорида айтганимдек оила ўртаҳол, ибодатли, ҳалол инсонлар. Адалари ниҳоятда камтар. Фейсбукда бормилар йўқми, сўрамабман.
Хуллас, бу синглимиз 3D дизайнерликка қизиққанлар, табиийки ўқиш пули арзон эмас, 3D ясайдиган дастур ишлатса бўладиган ноутбук ҳам қиммат. Ойилари “қиз болага нима зарил ўқиб, шунча харажат кетказиб. Аданг сани ўқишингга тўлайдиларми, рўзғор қиладиларми? Бу ёқда укаларинг бор” деганлар. Синглимиз энди орзуларим ушалмас экан деб, кўнгиллари чўкиб қолган. Ота қизни маҳзун бўлиб қолганини сезиб, она билан гаплашганлар. Она яна ўша гапни такрорлаган: «Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди».
Ота “бу уйда мени айтганим бўлади”, деб шарт уйдан чиқиб кетганлар. Уйда ҳамма саросимада. Қиз онадан таъна-ю дашном эшитган, отангни жаҳлини чиқардинг, деб. Укалар ҳам қўшилган.
Эртаси куни ота одатдагидан кечроқ келиб, қизига эртага тайёр бўлиб тур, бир жойга борамиз деган. Ҳамма ҳайрон ва хавотирда, тинчликмикан деб.
Эртасига барвақт ота ва қиз уйдан чиқиб, автобусда марказга келиб, бир ўқув курсига киришади. Ота бир кун олдин ўша қизи айтган курсларга келиб, гаплашиб кетган экан. Қиз ҳайронлигидан кўзлари катта-катта очилиб тураверган, у ердан чиқиб "Малика"га боришибди, ота катта суммага қизига ноутбук олиб берган. Қиз шунақа қувонганки, ўша ернинг ўзида ҳам кулиб, ҳам йиғлаб «Раҳмат, дадажонииим» дейишдан нарига ўтолмабди, ҳаяжондан.
Уйга қанот қоқиб боришса, она норозироқ турган экан, нимадир пичинг қилган эканлар, ота бир нигоҳ ташлаб, “мен тирик эканман, қизимни ташлаб қўймайман. Қизим ўқийди, катта одам бўлади, бахтиниям беради. Бу мавзу ёпилди” дебдилар.
Эртасидан қиз ўқишларини бошлаган, мана шунча вақт ўтибди, иш ҳам топилган. “Опа, заказларам тушяпти, биринчи ойлигимни дадажонимга ва ойижонимга бердим. Дадам йиғлаворай дедилар, “оппоқ қизим, сен билан фахрланаман” деб пешонамдан ўпиб қўйдилар. Ўшанда менга ноутбук ва ўқишимга пул топиб бериш учун 2 сменада ишлашга бошлиқлари билан келишиб олган эканлар.
“Опа, энди машинага ҳаракат қилмоқчиман, дадажоним ўқимаганлар, оддий ишчилар, мени орқамда шунча туриб бердилар энди мен уларни хурсанд қилмоқчиман, февральда туғилган кунлари, пул йиғишни бошладим, ҳозирча 1875 $ йиғдим” дедилар.
Рости жуда қувондим.
Қизларига қаҳрамон бўлган, қизларига қанот берган, қизларига меҳрибон бўлган оталар, жонингиз соғ бўлсин!
Ўзингиздек яхши куёвлар учрасин қизларингизга.
Мард, ҳалол, меҳрибон ва ҳақиқий эркаклар ана шундай бўладилар! Сизларни жудаям ҳурмат қиламиз, ишонинг».
Пост тугади.
P.S.: ушбу постга ўзимдан бирор изоҳ қўшмоқчи эдим, лекин нима дейишни билмадим. Яхшиси хулосани каналимиз муштарийларига қолдираман.
👉 @xushnudbek 👈
Shunday OTALAR borligiga shukurlar aytaman...