#abituriyent
❗️IELTS ёки CEFR сертификатини кеч олган абитуриентларга имтиёз берилмайди
Кечаги йиғилишда кўпчилик абитуриентлар томонидан берилаётган хорижий тилни билиш сертификатини олишдаги муаммолар ҳақида ҳам мутасаддиларга савол бердим.
Яъни карантин сабабли март ойидан буён IELTS, CEFR ёки шу каби тизимлар бўйича имтиҳонлар ўтказилиши номаълум муддатга қолдирилди. Қачон ўтказилиши ҳам ҳозирча номаълум.
Жорий йилда абитуриентда B2 даражадаги сертификат бўлса, у чет тилидан тест топширмайди ва унга ўша блок бўйича максимал балл берилади. Шу сабабли имтиҳонга ариза бериб, пулини тўлаб қўйган абитуриентлар томонидан
"биз сертификатни кечроқ берсак ҳам имтиёз қўлланадими?" деган саволлар берилаётган эди.
Ушбу саволга жавоб берган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов агар абитуриентлар ҳужжат топширишнинг охирги куни, яъни
20 июлга қадар сертификатни олишга улгурмаса, унда уларга имтиёз тақдим этишнинг техник имкони йўқлигини маълум қилди. Чунки 20 июлдан кейин ДТМ базаси ёпилади ва кейинчалик унга янги маълумот қўшиб бўлмайди.
Вазирнинг яна бир фикрни қўшимча қилди, яъни B2 даража оладиган билими бор абитуриентлар сертификат олишга улгура олмасликдан қўрқмаса ҳам бўлади, улар
бемалол ўзи тестдан максимал натижани қўлга кирита олади.
Шунингдек, ДТМ директори Мажид Каримов ҳам вазиятга изоҳ берар экан, миллий CEFR сертификати олиш учун
600 нафар абитуриентлар ариза топшириб, тўлов қилганини, улардан тест олиш учун
барча нарса тайёрлигини, фақатгина ҳозирда ДТМ тестларни ўтказиш учун Ҳукуматдан тегишли рухсат кутиб турганини, агар эпидемиологик вазият яхшиланиб, санитар қоидалар асосида тест ўтказишга рухсат берилса,
3-4 кун ичида жавобларни чиқариб бериши мумкинлигини билдирди.
Демак, хулоса:
- рухсат берилиши билан хорижий тилни билиш сертификати учун тестлар ўтказилади, лекин буни аниқ бўлиш-бўлмаслигини олдиндан ҳеч ким айтолмайди;
- агар абитуриент 20 июлга қадар сертификат олишга улгурмаса, унга имтиёз қўлланмайди ва ҳамма қатори тест топширади.
👉 @xushnudbek 👈
Бизнинг бу мурожаатимизни бутун Ўзбекистон бошланғич синф ўқитувчилари номидан қабул қилишингизни сўраймиз.
Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда ХТВ )нинг умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлаш тўғрисида 2020-йил 25-февраль 52-сонли буйруғи қабул қилинган.
Бу ўқув режада кўрсатилишича, 1-4-синф ўқувчилари учун шу кунгача ажратиб келинган ҳафтасига 5 соат ўқиш дарси 3 соатга, 5 соат она тили дарси 4 соатга туширилган.
Кўп йиллик иш тажрибасига эга ўқитувчи сифатида айта оламаизки, бошланғич синфлар олдига қўйилган асосий мақсад -- боланинг хат-саводини чиқариш ўта мураккаб, кўп меҳнат талаб қилувчи маъсулиятли жараён.
Бу жараёнда ҳафтасига 3 соат ўқиш дарсида ўқувчини равон ва онгли ўқишга, матн мазмунини тушунишга ўргатишнинг, огзаки нутқини ривожлантиришга эришишнинг иложи йўқ деб ҳисоблаймиз.
Қолаверса давлатимиз PISA, PIRLS каби таълим сифатини баҳолаш бўйича Халқаро тадқиқотлар дастурига аъзо бўлган бир даврда бу жуда катта хатолик, чунки айнан PIRLS дастури 4-синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини, матнни ўқиб тушуниш кўникмаларини, қолган дастурлар эса маълум ёшдаги ўқувчиларнинг математик, табиий, илмий фанлар бўйича билимини баҳолашни кўзда тутади.
Равон, тушуниб, онгли ўқишни ўрганмаган ўқувчига эса матн мазмунини тушуниш ҳам, математик масалаларни таҳлил қилиб ечимини топа олиш ҳам муаммо.
Яна худди шу буйруқ билан чамбарчас боғлиқ иккинчи муаммо ҳам қалқиб чиққан.Айнан ҳозирги вақтда ХТВнинг расмий сайтида Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида ID- 13944 сонли қарор 2020 йил 11 мартга қадар муҳокамага қўйилган.
Бу низом лойиҳасида шу кунгача деярли барча мактабларда бошланғич синф ўқитувчилари дарс бериб келаётган она тили, ўқиш, математика дарслари 15 соатдан 12 соатга туширилгани ҳолда, бошланғич синф ўқитувчисининг ҳафталик дарс юкламаси ўзгаришсиз, олдингидек 18 соатда қолдирилган.Бу эса жайдаричасига айтганда, ўқитувчининг нони яримта бўлганини билдиради.
Бу сайтга кириб фикр билдириш учун эса шу сайтда рўйхатдан ўтиш керакки , буни ҳам ҳар ким ҳам иложини қилиб кириб, фикр билдира олмаяпти.Шу сабабли, бу ерда фикр билдириб, ўзгалар фикрини қувватлаганлар сони нари борса 100тага ҳам етмайди.Бунинг устига бу муҳокама тўғрисида эълон ҳам берилмаган. Мақсад нима, мана фикр билдирувчилар кам, демак ҳамма рози дейишми?
Аслида бу ерда ўқувчилар учун севимли ҳисобланган жисмоний тарбия дарси ҳам 2 соатдан 1 соатга тушганини ҳисобга олиб, жами 4 соат камайганлиги учун ўқитувчининг ҳафталик дарс юкламаси ҳам 4 соатга камайтирилиб, 14 соат деб кўрсатилиши керак эди. Ёки ўша амал курсисига институтни битирибоқ тўғри келиб ўтирган қарор чиқарувчилар республикамизда тўлиқ ставка билан ишлаётган бошланғич синф ўқитувчилари камдан кам эканлигини статистик маълумотлар орқали бир бора кўриб чиқишга эринганмикинлар?
(Ўша буйруқни чиқарувчилар ақалли бир кунгина бошланғич синфда 35 нафар болага, яна қайтараман, болага, чунки у ўқувчи бўлиб шаклланиши учун камида бир йил керак, биттагина ҳарфни танитиб, қўшиб ўқишни, ўша ҳарфни тўғри ёзишни ўргатиб кўрсалар, ўқитувчи меҳнатини озгина бўлса ҳам қадрлармидилар, ҳеч бўлмаганда ўзларига хат танитган устозлар заҳматини кўз олдига келтиролсалар эди. Бу қарор кучга киргач, иқтидори юксак бўлган ўқитувчи ўзини бошқа ишга урару, келгуси авлод таълим тарбияси куним ўтса бўлди дейдиган боқибеғам, ўртамиёна ўқитувчилар қўлида қоладими. Чунки аён кўриниб турибдики, бу ўзгаришдан кейин билимли, иқтидорли ўқувчи ҳеч қачон бошланғич синф ўқитувчиси бўлишга интилмайди.
Бундай фикрлар ижтимоий тармоқларнинг телеграм мессенжерида еру кўкни титратяпти, аммо тинглайдиган инсон йўқ.)
Бу нимани англатади, ўқитувчининг эндигина сал ошган маошини олдинги ҳолига қайтаришнинг сезиларсиз услубими ёки давлат (солиқ тўловчи халқ) пулини тежашми? Агар мақсад тежаш бўлса Халқнинг боласини чаласавод қилиш билан бўладими, бу тежаш.Қаёққа қараб боряпмиз?. ЮЛДУЗ ЖУМАЕВА