Ҳозиргина Кун.уз сайтида ёзувчи ва шоирларнинг Муҳаммад Юсуф ҳақидаги
хотираларини ўқиб, мана бу шеър ҳам ёдимга тушиб кетди.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан бошқа.
Сочлар силлиқ,
Силлиқ қадамлар,
У оғирлик қиляпти бошга…
Рост дўппилар,
Ёлғон дўппилар,
Киноларда қолғон дўппилар.
Чуст дўппилар,
Анжон дўппилар,
Мунчоқдек Марғилон дўппилар…
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан ўзга,
Мен ҳам сизга бердим саволлар,
Шляпамни бостириб кўзга.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Кўнгил эса кўрмоқ тусайди.
Маданият гуллаган дамлар,
Каллага эътибор сусайди.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
На уйда ва на кўчада.
Миртемирлар, Ғафур Ғуломлар
Ечган дўппи қолди токчада…
Бу қандайин кўргулик савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ.
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё —
Бош қолмади дўппига лойиқ.
Муҳаммад Юсуф
👉 @xushnudbek 👈