⚡️Янги алифбо лойиҳаси эълон қилинди
Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасида лотин ёзувига асосланган, 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат янги ўзбек алифбоси таклиф этилмоқда.
https://regulation.gov.uz/uz/d/31596Асосий ўзгаришлар:
Ғ => Ḡ ḡ
Ў => Ō ō
Ш => Ş ş
Ч => Ç ç
Муҳокама
31 мартга қадар давом этади.
👉 @xushnudbek 👈
Азизлар, тил - алифбо бўйича кимдир тушуниб, кимдир шунчаки бир нарсалар ёзди. Моҳиятга эътибор қаратадиган бўлсак, алифбодаги икки учта товуш ёки ҳарфга дум қўйилиши, шакли учун қилинган ўзгариш, яъни алифбони ўзгартириш мамлакат учун миллиардлаб, ҳар бир шахс учун миллионлаб қайта харажатни келтириб чиқаради.
- Йўқ жойдан ортиқча харажат кимга керак? Ҳар бир даврда халқ, миллат шаъни учун курашувчиларни чалғитувчи, муваффақиятини кўра олмайдиганлар бўлади. Бизни йўлдан урувчиларнинг нағмаларига ишониб чалғимайлик!
Газ, сув, светдан қўшимча, нореал ёзилаётган қарздорликлар, унинг ортидан силласи қуриб югураётган сарсонлар камми?
Аслида қоидабузарлик бўлмаган, мажбурий қоидабузарликка киритилган йўл қоидаларини бузганлик айби билан келаётган ва тўлаётган жарималар етмаяптими?
- Кечқурун ухлаганга жарима солиш керак эмасми, мабодо?!
- Бир оилада 5-10 нафар инсон яшаётганлар нима қилади?!
Россияда мардикорлик қилиб топган пулига яна турнақатор навбат кутиб, ҳужжат алмаштирадими? - Сиз-чи? Сиз бундан қутилиб қолармидингиз?
Уч-тўртта «ақлли»нинг ақлига ўт тушсин, деб дуо қиласизми?
Сиз ҳам ўша «дўзах» ўтидай ёнаётган қозонда қайнайсиз-ку, ахир! Ўт кетган уйдан қуруқ чиқармидингиз? Битта «Sh» ёки «Ch»га дум қўйиш, «O‘» билан «G‘»ни ўзгартириш оқибатида бутун Ўзбекистон аҳли пул сарфлаб ҳамма ҳужжатидан тортиб, давлат, корхона-ташкилотлар, тадбиркорлар печат-штампи, паспорт, «права» ҳайдовчилик гувоҳномаси, уй ҳужжатларигача қайта ўзгартириши, мактаб дарсликларини қайта нашр қилиш бу - миллиардлаб маблағни талаб қилади. Буни ким, қаердан, ниманинг ҳисобидан қоплайди? Яна солиқлар ошириладими? Кимнинг «прописка»сида қишлоқ ёки шаҳар сўзи йўқ?!
Дилшод, Чори, Чоршанба бу сўзлар учун яқиндагина пул тўлаб алмаштирган паспорт, правангизни яна пул сарфлаб битта ҳарф учун ўзгартирмоқчимисиз?
Ўзгартириш сизни отга миндирадими? Ё Ҳажга оборадими?
Нима ютуғи бор, шу ҳарфларга дум қўйишнинг? Чунки, амалдаги алифбога ўзгартириш киритилса, янги қарорга кўра, муддат белгиланиб, ҳамма ҳужжатлар ўзгартирилган алифбога мослаштирилади. Бу ҳақда бирмас, қайта-қайта ўйлаб иш қилиш керак, эмасми?! Ўзгарганда нима ютамиз? Ёзиш, қўлланилиши, фойдаланиш ҳозирги алифбодан осонлашадими? Йўқ! Ўша-ўша, эски хаммом, эски тос! Сизу бизга, фойдаланувчига ҳеч қандай қулайлиги йўқ!
Алифбо ўзгариши турган-битгани харажат. Давлат ғазнаси ва ҳалқнинг чўнтаги қурийди. Шахс чўнтаги пулга зор, эгаси хор бўлади, холос. Сабаби, Лотин ёзувидаги клавиатурада ўша «дум»ли «Ш» «Ч» ҳарфлари йўқ! Ўша думли «Sh» ёки «Ch» Ҳарфини ёзиш учун тилни «язык»ни алмаштириш функциясига кириб «туркча»ни танлаб, севимли думли ҳарфларингизни ёзгандан кейин, яна лотин алифбосига ўтиб ёзиш, ҳозирги алифбодан нима қулайлиги бор?
Ёки ўзбек алифбосига «дум»лиларни қўшиб, халқни ҳам, маънавий ҳам молиявий ғажиб, кейин яна «Ҳ» билан «Х»нинг, «Ч» билан «Ш»нинг фарқига бормайди, деб айюҳаннос соласизми?!
«Халқ»қа дум қўяётганлар етмаяптими, сизга? Ё Хитойга ўзингиз учун дум қўйилган клавиатура буюртма қиласизми?!
Бир-икки авлод эмас, уч-тўрт авлод саводсиз бўлишига олиб келади бу - тулкининг думидек ликиллаб ўзгараётган алифбо! Ҳозир ҳар қандай важларни, ҳамма баҳоналарни йиғиштириб, ўқиш, ўрганиш, билганини ёшларга ўргатишдан яхши гап йўқ!
Алифбомиз йўқ эмас, ҳар жиҳатдан фойдаланса, ўқиса, ёзса арзийдиган тилимиз, алифбомиз бор! Уни ерга ургунча кўкларга кўтарайлик, қадрлайлик! Уни ўзгартириш билан боғлиқ ишларни тўхтатайлик! Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқишдан нима наф? Кўп миллионлик Ўзбекистон аҳли олдида, арзимаган тушунмовчилик ёки кимларнингдир олифтагарчилиги касрига миллиардлаб харажат турганини, наҳотки, тушунмасангиз?! Яхшигина алифбони титкилагунча, Элу халққа, миллатга, мамлакатга, аҳли башарга мотивация берадиган, фойдаси тегадиган ишларни қилсак бўлмайдими?!
Дониёр МИРЗО